Илмий ходимларнинг педагогик иш тажрибаси юзасидан меъёрий-услубий тушунтириш

   Катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар таълим муассасаларида педагогик иш тажрибасига эгалиги  юзасидан меъёрий-услубий тушунтириш

Катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар томонидан педагогик иш тажрибасига эга бўлиш юзасидан тегишли талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари» (1-илова) ва «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низом» (2-илова) талабларида аниқ белгилаб берилган.

    Белгиланган талабларни бажариш барча катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчиларга тааллуқлидир.

  Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган Давлат талаблари»нинг 13-банди тўртинчи сўзбошида катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар докторлик диссертациясини ҳимоя қилгунгача «... таълим муассасаларида камида 300 соат ҳажмида педагогик иш тажрибасига эга бўлиши керак»лиги белгиланган.

  Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан тасдиқланган «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида низом»нинг 34-бандида«Катта илмий ходимлар-изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишгача таълим муассасаларида ўқишнинг бутун даврида камида 300 соат ҳажмида педагогик иш тажрибасига эга бўлишлари керак»лиги белгиланган.

 Шунингдек, мазкур низомнинг «V. Мустақил изланувчилик тартибида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш» қисмида келтирилган46-бандда «Мустақил изланувчилар фаолияти самарадорлиги мониторингини олиб бориш тартиби ушбу Низомнинг 34-банди талабларига ўхшаш»лиги белгилаб берилган.

 Мазкур жараёнда узлуксиз таълим тизими ва педагогик иш тажрибаси моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Узлуксиз таълим мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини қамраб олади. Шундан келиб чиққан ҳолда катта илмий ходимлар-изланувчилар ва мустақил изланувчилар тегишли таълим муассасаларида ўзларининг педагогик иш тажрибаларини амалга оширишлари мумкин.

 Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш сифатини оширишда педагогик иш тажрибаси жуда катта аҳамият касб этади. Педагогик иш тажрибаси нафақат педагогик юклама, балки педагогик фаолиятнинг тегишли барча йўналишларини қамраб олувчи фаолият ҳисобланади. Шу жиҳатдан мазкур жараён, масалан, олий таълим муассасасида қуйидаги йўналишларни қамраб олишини назарда тутиш керак: кафедра мажлисида қатнашиш; кафедранинг ўқув-методик мажлисларида иштирок этиш; кафедра илмий семинарида маъруза қилиш; кафедра йўналишида тайёрланган илмий-тадқиқотлар материаллари бўйича муҳокамада иштирок этиш; кафедрага тегишли фанга оид янги адабиётлар рўйхатини тавсия этиш ва муҳокама қилиш; кафедрага тегишли фан бўйича маърузаларни тинглаш ва маъруза ўқиш; кафедра мутахассисларининг дарсларини таҳлил қилишда иштирок этиш; кафедра аъзоларининг шахсий иш режаларини ўрганиш, таҳлил қилиш; кафедра фанлари бўйича тайёрланган ўқув дастурлари, ишчи ўқув режалари, дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва хоказолар таҳлилини қилиш; докторлик диссертацияси бўйича факультет кенгашида презентация қилиш; соҳа бўйича жаҳондаги янгиликлар тўғрисида ахборот тайёрлаш ва кафедрада маъруза қилиш; илмий  мақолага тақриз тайёрлаш; иқтидорли талабалар билан  ишлаш  (бир талаба учун); таълим муассасасидаги педагогик юклама (педагогик юклама, муаллифлик маърузаси (бакалавр ва магистрлар учун); факультатив соатлар ўтказиш; педагогик юкламанинг бошқа шакллари).

.