«Минтақавий ёшлар конференцияси»га старт берилди | | Karakalpak state university

«Минтақавий ёшлар конференцияси»га старт берилди

Мамлакатимиз тақдири, халқимиз эртанги кунини белгилаб берадиган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори, истеъдоди, салоҳияти, имконияти ва куч-ғайратини жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва сайъ-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Амалга оширилган ишлар, яратиб берилган имкониятлар самараси ўлароқ ёшларимиз бугунги кунда жаҳон саҳнида жиддий ютуқларни қўлга киритмоқда.

Жорий йил 5 июлида Бердақ номидаги Қорақалпоқ  давлат университети  маданият саройида «Минтақавий Ёшлар конференцияси»нинг очилиш маросими  ўтказилди.

Анжуман Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари мадҳияси билан бошланди.

Унда  барча  вилоятлардан келган  делегатлар, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Ҳалқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси минтақавий кенгашларидан вакиллар иштирок этишди.

Анжуманни  Қорақалпоқ  давлат университетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори  О.Дуйсенбаев кириш сўзи билан очиб берди.

Музокарага чиққанлар мамлакатимиздаги энг ёш депутат Шохрух Ўктамов, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати А.Бегимова, Наманган давлат университетининг талабаси Н.Рахимбаев ва бошқалар ўз нутқларида жорий конференция ёшларга миллий ёшлар сиёсатига таклиф-тавсиялар бериш учун учрашувлар, муҳокамалар, ижтимоий платформалар ва бошқа воситалар орқали кенг имкониятлар яратиш орқали ўз  ваколатидан фойдаланиб, мамлакатнинг барча ҳудудлари доирасида ўзлари эҳтиёжлари, қизиқишлари ва интилишларини ифода этишлари учун ташкил этилганлигини таъкидлашди.

Шунингдек, анжуманда Ёшларга оид давлат сиёсати асосий йўналишлари-ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, авлод ҳаёти ва саломатлигини ҳимоялаш, уларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жойлар ва ижтимоий шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш кўрсатилганлигини қайд қилишди. Йиғилган делегатлар “Эртанги кун учун ёшлар – келажак яратиш имконияти”, “Миллий ёшлар сиёсати – бизнинг келажагимиз” мавзулари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Жорий конференция 7 июлга қадар давом этиб, ёшлар учун мўлжалланган ҳар хил тадбирларни қамраб олади.

Матбуот хизмати.

 

Foydali havolalar