Вазир Арманистон элчиси билан учрашди

Шу йилнинг 27 ноябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Маджиовнинг Арманистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Арам Григорян билан бўлиб ўтган учрашувда таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

И.Мажидов Ўзбекистонда сўнги йилларда барча соҳалар каби олий ва ўрта махсус таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни ва истиқболларига тўхталиб ўтди. Республикамиз олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамкорлик учун очиқ эканлиги, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кун сайин ривожланиб, қамрови кенгайиб бораётгани қайд этилди. Жумладан, Арманистон олий таълим муассасалари билан ҳам профессорлар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий лойиҳалар устида ишлаш яхши самара беришига ишонч билдирилди.

А.Григорян университетлар ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро конференциялар ташкил қилиш масалаларида Арманистон томони тайёр эканини маълум қилди. Жумладан, қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш, уларни тадқиқ қилиш, туркий тилларга оид Арманистонда мавжуд бўлган бой қадимий қўлёзмалар фонди – Матенадаранда сақланаётган манбаларни ўрганиш ҳар икки томонга фойдали бўлиши қайд этилди. Арманистон талабалари учун ўзбек тили ва адабиёти ҳам қизиқиш уйғотаётгани таъкидлаб ўтилди.

И.Мажидов бу борада Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилар экан, Тошкент, Самарқанд ёки республикамизнинг бошқа шаҳарларида ҳамкорликда илмий конференциялар ташкил этиш имкониятларини ҳамкорликда кўриб чиқиш таклифини илгари сурди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳар иккала томондан таклифлар тайёрланишига келишиб олинди.

Манба: http://edu.uz