БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ ТАЛАБА – ЁШЛАР!

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида мамлакатимиз ёшлари етакчи куч сифатида майдонга чиқмоқда. Бугун ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида, иқтисодиётнинг барча соҳаларида ва ижтимоий ҳаётда фаолликлари яққол кўзга ташланмоқда.

Ёшлар сенатор, депутат, ҳоким, давлат ташкилоти раҳбари ёки ўринбосарлари, олий таълим муассасаси ректори, шунингдек, замонавий технологиялар асосида фаолият олиб бораётган йирик корхоналарни бошқараётган тадбиркорлардир.

Албатта, бундай натижага ўз ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг замирида Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга билдирилаётган юксак ишонч, кенг имкониятлар ётибди.

Бугун ёшлар учун барча эшиклар очиқ. Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш уларнинг олий мақсадига айланган.

Ўсиб келаётган ёш авлод эса улардан ўрнак олиб, юртимизда ёшлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, келажакда ўзлари танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлиш учун бугун таълим муассасаларида чуқур ва пухта билим олишга интилмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, олий, профессионал, касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасаларида 674 527 нафар ёшлар таҳсил олиб, уларнинг 32 586 нафари академик лицей ўқувчилари, 173 480 нафари касб-ҳунар коллежлари ва 468 461 нафари олий таълим муассасалари талабаларидир. Шу билан бирга, тизимда 14 319 нафар ёш мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Улар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий соҳаларда тараққий этиши йўлида муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Шундай шижоатли ёшларимиз қаторида касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ўқувчилар ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга. Жорий 2020/2021 ўқув йилида республикамиздаги
170 мингдан зиёд ана шундай ёшлар ўз қизиқишлари бўйича касб-ҳунар эгаллаб, катта ҳаётга қадам ташламоқда.

Сўнгги уч йилда олий таълим муассасаларига ёшларни қамраб олиш даражаси кескин ошди. Бу йилдан бошлаб, республикамизда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ёшларни касб-ҳунарга ўргатишнинг мутлоқ янги тизими жорий этилаётгани мамлакатимиз ёшларининг ўз олдига қўйган орзу-интилишларининг рўёбга чиқишида муҳим омил ҳисобланади.

Айниқса, қизларимизга олий таълим олишлари учун қўшимча имтиёзлар берилаётгани янада қувонарли. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилган. Мазкур имконият юртимизда илм-маърифатнинг янада равнақ топишига, миллатимиз маънавиятининг янада юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. Ўз ўрнида, биз барча билимга чанқоқ ёшларимизни Ўзбекистон талабалари сафида кўришдан, уларга ўз эзгу ниятларини рўёбга чиқаришда малакали билим бериш ва Ватанимиз учун ҳар томонлама етук шахс бўлиб камол топишларига хизмат қилишдан мамнунмиз.

Азиз ёшлар!

Сиз она Ватанимизнинг суянчи ва порлоқ истиқболисиз!

Буюк Ўзбекистонни барпо этишдек улкан мақсад билан катта йўлга чиққан янги Ўзбекистонимизнинг тақдири билан ўз тақдирингизни боғлашингизга ишонамиз!

Мамлакатимизнинг умидли келажаги бўлган Сиз ёшларни, 30 июнь – Ёшлар куни билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жамоаси номидан табриклайман!

Бугун абитуриент бўлган ёшларимизни талаба сифатида, олий таълим муассасаларини битираётган ёшларимизни мутахассис сифатида, илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчи ёшларимизни фалсафа ёки фан доктори сифатида табриклаш насиб қилсин.

Барчангизга соғлик ва омонлик, омад ва муваффақият тилаб қоламан!

И.Маджидов,
Олий ва ўрта махсус таълим вазири

Manba: Axborot xizmati