ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИНГ КИЙИНИШ МАДАНИЯТИДАГИ МУАММОЛАР БИЗНИ ТАШВИШГА СОЛАДИ

          Кейинги вақтларда олий таълим муассасаларида таълим олаётган  ёшларнинг, айниқса, талаба қизларнинг кийиниш маданиятида муаммоларнинг бор эканлиги  ҳеч кимга сир эмас. Кўпгина ҳолатларда айрим талаба қизларнинг таълим муассасаларига  зид кийимларда, яъни ҳаддан ташқари кенг ёки тор шимларда, калта юбкаларда, баъзида эса юпқа шифонлардан тикилган (танаси кўриниб турадиган) жуда узун юбкаларда,  спорт пойабзалларида, эгнилари бироз очиқ кўйлакларда ўқишга келаётганлигини кўриб ичимиз ачишади. Ахир, талаба-қизлар ўзларича “МОДА” деб кийиб юрган бу  кийимлар   қанақа кийимлар?! Нима бу?!  Модами?! Аслида, бизнинг миллатимиз тарихида ёш қизларимиз, аёлларимиз, бувижонларимиз    шундай  кийимлар кийганми?!… Хўш, киймаган бўлса  ёш қизлар кимларга тақлид қилаяпди, қаердан ўрнак олаяпти?! Шундай саволлар бизни ташвишга солади.

          Биз хотин-қизлар Кенгаши фаоллари ҳамда факультет хотин-қизлар кенгаши етакчилари билан биргаликда талаба қизларнинг кийиниш маданиятидаги бундай муаммоларни  бартараф этиш мақсадида режа асосида  ва режадан ташқари ҳам ўгит-насиҳат ишларини олиб бормоқдамиз. Аммо, фақатгина хотин- қизлар Кенгаши томонидан олиб борилаётган ўгит-насиҳат ишлари билан бу муаммонинг ечимини топиб бўлмайди.

          Бунинг учун таълим муассасаларидаги хотин-қизлар  масалалари билан шуғулланадиган кенгашларгина жавобгар эмас, балки кенг жамоатчилик, қолаверса ҳар бир ходим маъсулият билан ёндошиши  ва бефарқ бўлмаслиги керак деб ҳисоблайман. 

          Асосан,  биз маҳаллалар, оилалар билан узвий алоқада бўлишимиз керак. Аввало, бизни  оилаларда ота-оналар қўллаб-қувватлаши лозим. Ҳар бир ота-она фарзандига, айниқса, қиз фарзанди учун кийим ҳарид қилишда қизининг қандай кийим танлаётганлигига эътибор қаратса, фарзандининг олий таълим муассасасининг талабаси эканлигини ҳисобга олиб, ўқув муассасасига атрофдагиларнинг  эътиборини тортадиган хоҳлаган кийимда бориш мумкин эмаслигини биринчи навбатда шу талабанинг ота-онаси огоҳлантирса, мақсадга мувофиқ бўлади.

          Биз университет хотин-қизлар Кенгаши томонидан талаба қизларнинг ота-оналари билан таълим-тарбия, одоб-икромлилик борасида мунтазам суҳбатлар олиб боряпмиз ва ўз навбатида биргаликда маслаҳатлашиб уларнинг ҳам фикрларини тинглаяпмиз. Баъзи ота-оналар бизни маъқуллаб қўллаб-қувватласа, аксинча айрим ота-оналар қаршилик кўрсатиб, “қизим хоҳлаган кийимини кияди,  ёки менинг оилавий шароитим бошқа кийимларни олиб беришга тўғри келмайди…” ва шунга ўхшаш норозилик жавобларини , баъзан эътирозларини ҳам эшитамиз. Аммо,  қизларимиз орасида “модага” айланган бу кийимларнинг нархи анча қиммат эканлиги ҳаммага маълум.

           Халқ орасида  “Одобли қиз-ёқадаги қундуз”, “Одобли қиз-элга манзур”, “Тўнни яхши кўрсатган- енги билан ёқаси”, “Кийимига қараб кутиб олинади, сўзига қараб кузатиб қўйилади”, “Гул ўсса ернинг кўрки-қиз ўсса элнинг кўрки”  деган мақоллар бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам қизларнинг тарбиясида ҳар бир  ўқув муассасаларидаги  хотин-қизлар Кенгаши етакчилари оилалар билан иш олиб бориши билан бирга ҳар бир академик гуруҳ раҳбарлари, ҳар бир факультетнинг ёшлар билан ишлашиш бўйича декан муовинлари, психологлар ва бошқа тегишли ташкилот мутахассислари билан биргаликда узвий алоқада иш олиб боришимиз лозим.

Мамлакатимизда  хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, ҳунар ўрганиш, касбга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.   

          Бизни қувонтирадиган томони шундаки, бугунги кунда, айниқса  хотин-қизларнинг кийиниш маданияти масалаларига юқори ташкилотлар томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бунинг ёрқин мисоли, “Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Халқ орасида айрим ёшлар ўртасида кийиниш маданиятини ўгит-насиҳат қилишга қаратилган  “Нафосат” фестивалини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасида  Олий ўқув юртлари учун  ҳам бир қанча вазифалар белгилаб берилган.

          Олий ўқув юртларида талаба қизларнинг кийиниш маданияти қоидаларига амал қилишнинг асосий мақсади-уларнинг кийиниш маданияти, ўқув муассасаларида ўзини тутиши,  ташқи кўриниши,  юриш-туриши, одоб-икромлилик қонун-қоидаларга бўйсинишини таъминлаш орқали қизларни келажакда турмушга тайёрлаш, уларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш бўлиб ҳисобланади.

          Яқиндагина университет Хотин-қизлар Кенгаши ташаббуси билан талаба қизлар орасида “Маданиятли кийиниш-одоблилик белгиси” атамасида кийимлар кўргазмаси ташкиллаштирилди. Бу кўргазмага университетимизнинг Химия-технология, Жисмоний маданият, Иқтисодиёт, Чет тиллари, Қорақалпоқ филологияси ва журналистика, Саноат технологияси, Санъатшунослик ва Қурилиш факультетлариининг талаба қизлари фаол иштирок этишди.

           Шунингдек, тадбирга Нукус шаҳри “Оқ ўтов” МФЙ да яшовчи уюшмаган ёш қиз-келинчаклар ҳам таклиф этилди. Бундаги асосий мақсадимиз- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил апрелдаги “Давлатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш чора-тадбирлари” га бағишланган видеоселектор мажлисидаги “Олий ўқув юртлари маҳалла ёшлари учун маънавий марказ ҳамда маданият ўчоғи бўлиши керак”-, деган ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда Маҳаллалардаги уюшмаган ёш қизларимизни ижтимоий фаоликка тортиш,  уларнинг маънавий ва маданий дунёқарашини кенгайтириш ва кийиниш маданиятидаги муаммоларини бартараф қилишга ҳиссамизни қўшишдан иборат.

          Тадбир давомида университет ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова ва Нукус шаҳри “Оқ ўтов” МФЙ раисининг  Оила, хотин-қизлар ҳамда маънавий одоб-икромлилик масалалари бўйича ўринбосари Рая Турдиева сўзга чиқиб, бу тадбир ёшларнинг маънавиятини кенгайтиришда, айниқса ёш қизларимизнинг одоб-икромли бўлиб тарбияланишида, шунингдек уларнинг кийиниш маданиятини шакллантиришда, маълум бир касб-ҳунарга йўналтиришда катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида кенг тўхталиб ўтди. Шу билан бирга тадбирда иштирок этаётган талаба қизларимиз ҳам  ўқув муассасаларига кийиб келадиган талаба қизлар кийимларидан намуналар кўрсатишди ҳамда кийиниш маданияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

“Маданиятли кийиниш-одоблилик белгиси” атамасидаги кўргазма сўнггида талаба қизларнинг ўқув муассасаларига кийиб келадиган кийимларидан энг яхши намуналарини кўрсатган қизлар университет ректорати ҳамда хотин-қизлар Кенгаши томонидан “Фаҳрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди.   

 

                                     

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

    Сейтназарова Инжайым

                                               Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат

                                                       университети ректорининг хотин-қизлар

                                     масалари бўйича маслаҳатчиси,

                                          Қорақалпоғистон Республикасида

                                               хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

 

             

 

 

Foydali havolalar

Skip to content