Таълим кредити кимларга берилади?

Мамлакатимизда навбатдаги янги ўқув йили ҳам бошланди. Айни пайтда тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган айрим талабаларни “Таълим кредити кимларга берилади, мен ҳам ушбу имкониятдан фойдалансам бўлармикан, бир оиланинг 2-3 фарзанди шартнома асосида ўқиса, барчасига кредит берилармикан” каби саволлар ўйлантирмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги «Олий таьлим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида талабаларнинг таълим кредитини олиш тартиби, асослари ва шартлари белгиланган.  

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат олий таълим ташкилотлари, мамлакатимиздаги хорижий ОТМлар ва уларнинг филиаллари)да ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратиш ва уларни қайтариш тартиби жорий этилган.  

Таълим кредити тижорат банклари томонидан ҳам амалга оширилади. Бу имконият Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабалар учун бўлиб, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин. 

Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугаганидан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Бунда, таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан олий таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугалланганидан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.  

 Таълим кредити ажратишда бир қатор чекловлар ҳам бор бўлиб, улар қуйидагилар: чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан, тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бундан ташқари, олий таълим ташкилотида таҳсил олиш мақсадида табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилишига йўл қўйилмайди.  

Умуман олганда, юртимизда илм олиш, билим эгаллаш учун барча шароитлар яратилган. Давлатимиз томонидан тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар учун қулай кўринишда таълим кредитларининг ажратилаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.  

 

ЎзА

 

Foydali havolalar

Skip to content