https://cdc.iainponorogo.ac.id/wp-content/gampang-menang/https://cdc.iainponorogo.ac.id/-/demo/https://kebonagung.pacitankab.go.id/-/gampang-menang/
#ona_tilim_faxrim   "Тил борки, миллат барҳаёт" | | Karakalpak state university

#ona_tilim_faxrim   “Тил борки, миллат барҳаёт”

Тил – инсонга инъом этилган буюк неъмат! У халқ тарихи, руҳияти, ўзлигини ифодалайди. Бинобарин, бетакрор маданий-маърифий бойликлар, асрий қадриятлар шу тушунчага пайвандланади. Дунёда тиллар кўп, лекин ҳар бир халқ учун ўз тили азиз ва муқаддас, давлат тили – миллий мустақиллик муқаддас тимсоли, жамият кўзгуси ва давлат рамзи саналади.

1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 11-чақириқ 11-сессиясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Жорий сана ўзбек халқи сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.  Мана бунга ҳам 30 йил тўлмоқда. 30 йил тарих учун денгиздан томчидек гап. Лекин мана шу йиллар давомида биз қанчадан-қанча улуғ боболаримиз мероси, жумладан, ҳикмат дурдоналари, бадиий асарлари, тарихий-мемуар мажмуаларини ўз она тилимизда севиб мутолаа қиляпмиз. Бу ўзбек тили тараққиётида янги давр бошланганлигидан далолат беради. Бугунги кунда  давлат расмий ҳужжатлари шу тилда ёзилмоқда. Ўзбек тили давлатлараро мулоқотлар, дунё нуфузли минбарлари, халқаро  анжуманларда ҳам кенг қўлланмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тилимиз ривожига ҳам ижобий таъсир ўтказади. Унинг луғат хазинаси  янги сўз ва тушунчалар билан бойиб, хорижий тиллар билан ташқи ҳамкорлик кучайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 4 октбрда имзолаган «Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарори халқимиз маданий ҳаётида ўчмас из қолдирди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида маънавий-маърифий тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, факультетлар кесимида ўтказилаётган адабий кечалар, иншолар танлови, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда учрашувлар, давра суҳбатлари ва очиқ дарслар ташкил қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 19 октябрь куни университет маданият саройида “Тил борки, миллат барҳаёт” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкиллаштирилди.

Анжуманни университет ректори А.Реймов олиб борди. Унда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Т.Романов, шоир А.Отепбергенов, профессор Ш.Абдиназимов, доцентлар Ф.Бабажанов, И.Казаков ва бошқалар ўз баёнатлари билан қатнашди.

Баёнатчиларнинг таъкидлаганидек, она тилини севиш ҳам ватанпарварлик белгиси, аждодлар руҳига ҳурмат рамзи. Ўз тилини ҳурмат қилган халқ, ўзлигини, ўз ғурурини асраб-авайлаган бўлади. Айни дамда ёшларимиз онгига миллий ғурур ва нафосатни юксакларга кўтаришни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан тараққий этиши, халқаро обрў-эътиборнинг юксалиши учун ўзбек тили нуфузини янада бойитиш уни пухта эгаллашимизга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ эканлигини такрор ва такрор уқтириш жоиз.

Анжуман университет талаба-ёшлари томонидан тайёрланган бадиий-адабий чиқишлари билан давом этди.

Матбуот хизмати.

Foydali havolalar