Ином Маджидов: – «ҚҚДУ бўйича Президент қарори тайёрланади…» | | Karakalpak state university

Ином Маджидов: – «ҚҚДУ бўйича Президент қарори тайёрланади…»

Маълумки, жорий йилнинг 20-21 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Президентимиз Қорақалпоғистондаги барча соҳалар каби, олий таълим тизимида ҳам янгиланишлар бўлиши, ёшларнинг она-Ватанга садоқатли, маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича бир қатор кўрсатмаларини бериб ўтди.

Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Президентимизнинг мазкур топшириқларини амалга ошириш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов сўзга чиқиб, Қорақалпоғистондаги барча олий таълим муассасаларини янги босқичга кўтариш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш, олий таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини ошириш, талаба-ёшларга миллий юксалиш ғояларига, юксак маънавият ва инсонийликнинг анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш бўйича батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, вазир Президентимиз томонидан Қорақалпоқ давлат университетини янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди ҳамда тадбирда иштирок этаётган барча факультет деканлари ва кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчиларининг таклиф ва тавсиялари қарор лойиҳасини шакллантиришга асос бўлишини таъкидлади.

Матбуот хизмати.

Foydali havolalar