https://cdc.iainponorogo.ac.id/wp-content/gampang-menang/https://cdc.iainponorogo.ac.id/-/demo/https://kebonagung.pacitankab.go.id/-/gampang-menang/
"Ким нимани яхши кўрур?" | | Karakalpak state university

“Ким нимани яхши кўрур?”

Бир аср. Ўзгариш ва ўнгланиш учун етарли фурсат. Аммо шунча вақт мобайнида ҳам айрим иллатларни йўқ қилиб, йўқотиб бўлмас экан. Етук педагог ва ахлоқшунос бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ким нимани яхши кўрур?” мақоласини ўқиб, шундай хулосага келдим. Чунки унда бугунги кунимиздаги баъзи кемтиклар ўз ҳолича, борича акс эттирилгандай таассурот қолдирди менда.

Жумладан, муаллиф мақолада маънавият ожиз қолиб, жамият тубанлик ёқасига кела бошлагани, меҳр-оқибат кўтарилиб, лоқайдлик авж олганидан зорланади. Халқни миллат ва унинг маънавияти, қадриятлари, ўзлигини асраб қолишга чорлайди.

“Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хўйимиздан”

Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”да шу фикрни таъкидлайди. Аммо бу маърифий хитобга ҳеч ким қулоқ тутмайди. Менимча, бугунги кунда бу хато такрорланмайди. Чунки ҳозир юксак маънавиятга, камолотга интилувчи ва миллий ўзликни асраб қолгувчи маърифатпарварлар бир аср аввалгидан кўра кўпроқ.

Абдулла Авлоний ўзининг “Ким нимани яхши кўрур?” деб номлаган кичик бир асарида турли касбу кор тоифалари орасида фазилат ўрнига иллатлар урф бўлгани натижасида миллат таназзулга юз тутаётганидан ёзғиради.

Абдулла Авлоний маънавият инқирозини касбий масъулиятсизлик ва лоқайдликда кўради. Хусусан, олимлар, тўғрироғи, олимликни даъво қилувчилар ҳамда ўқитувчилар орасидаги айрим иллатларни танқид қилади:

“Уламоларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун талашиб, мукаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар.

Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар,” деб ёзади.

Бу аниқ далилларга ҳам масъулиятсизлик, садоқатсизлик, ғаразгўйлик, молпарастлик, мансабпарастлик, эътиборталаблик, ноинсофлик ва ҳасад кабилар сабаб бўлгани яққол кўриниб турибди.

“…шунча ўқуганинг етар, пул топ!”

Авлоний ўз даврининг бойлари, савдогару дўкондорларига халқ аҳволидан хабар олмаслик, фақат ўзини ўйлаш, иллатларга берилиш айбини қўяди. Мана исботи: “Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фойда ва зарарларини ойирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, «бонка» ва «кридит»ларини кўпайтуруб, дўффилари тор келганда ўзгаларнинг молларини букуб-синишини яхши кўрурлар.

Мўйсафидларимиз намоз ва ниёз ўрниға, масжид эшигига йиғилуб ўтуруб, ҳар кимни ғийбат ва шикоят қилишни яхши кўрурлар.

Савдогарларимиз: «Тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар» деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар.

Дўкондорларимиз ишларини тартиб-ла солмай, замонаға мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар” деб, уларнинг бўйнига ҳақли равишда ҳасад, очкўзлик, худбинлик, ғийбатчилик, исрофгарлик, ақидапарастлик, ҳафсаласизлик, замондан орқада қолиш, тараққиётни тушунмаслик ва билимсизлик каби иллатларни бўйинтуруқ қилади.

Миллат характери тарбия асносида шаклланади. Оилалардаги тарбия эса миллий тарбиянинг негизи. Ҳар бир оиладаги тарбия асосида миллат маънавияти, фазилати ривож топади. Авлоний шу ҳақда сўз кетганда одамлар ахлоқида учраётган иллатлардан арз қилади. Айниқса, ота-оналарнинг тарбия масаласида ўта лоқайд ва бефарқ эканликларини ёзади:

“Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар,” – дейди маърифатпарвар олим. Оталар ҳақида: “Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға “Ўғлум эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!” – деб “ташишка” – ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар,” деб нолийди.

Бу билан улар молпарастлик, жанжалкашлик, ўжарлик, қолоқлик, маънавий тубанлик, бола тарбиясига бефарқликдан халос бўлиб, фазилатларни эгалламаса, миллат келажаги хавф остида қолаверишини очиб беришга уринади.

Афсуски, ота-оналар масаласида бугун ҳам айрим салбий фикрлар билдирилмоқда. Ва яна, афсуски, ҳозир ҳам Авлоний давридаги каби тарбияга нисбатан беғам айрим оталар ва онажонлар топилади. Шунинг учун биз тарбияни, аввало, оиладан бошлаш лозим, деган тамойилга яна кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Сабаб – илм ва ҳунардан маҳрумликда

Абдулла Авлоний ўзи яшаган даврнинг айрим ҳунармандлари ҳақида шундай ёзади: “Косибларимиз бир-биридан молларини арзон сотаман деб, тезгина йиртиладурғон, тикишлар ундан уруб, мундан чиқғон, сувни етти чақирим ердан чақирадурғон маҳси ва этиклар тикуб, сотишни яхши кўрурлар.

Заргарларимиз йигирма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини қиз ҳайрон, зебигардон қўюб, беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар.

Табибларимиз долчин, занжабил, ҳуббул малик, филфил каби бир неча атторни қутисида йўқ нарсалардан мураккаб дору ва маъжунлар ясаб, бечора нодон халқнинг пулини олишни яхши кўрурлар.

Муҳаррирларимиз кўб-кўб оқча олиб, оз-оз ёзишни яхши кўрурлар”.

Буларнинг сабаби шу касб-ҳунардами? Йўқ. Уларни эгаллаган илакишиб қолган ноинсофлик, алдамчилик, қаллоблик, кўзбўямачилик, сохтакорлик, ғирромлик, ишёқмаслик, дангасалик ва виждонсизликда. Ёмон тарбия натижаси бўлган мана шу иллатлар сабаб халққа ҳалол хизмат қилиш ўрнига одамларни алдаб, чув тушуриб, нопок ризқ топишган.

Ишратбозлик, бачканалик, бузуқчилик, маданиятсизлик, ахмоқлик, ўйинбозлик (лудомания). Авлонийнинг ёзишича, булар унга замондош айрим машшоқ, ҳофиз ҳамда шоирларнинг ахлоқидаги нуқсонлар эди. Улар аслида халқнинг маданияти ва маънавиятини юксалтириш учун масъуллар. Бироқ, “Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға мувашшаҳми ёки «қошингдан, кўзингдан», – деб, жанонларни мақтаб фасод ахлоқға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар”. Демак, биз “оммавий маданият” деб атаётган иллат ўша даврларда ҳам бўлган кўринади. Бунинг тасдиғини “Шум бола” бадиий фильмидаги “Ойинаи жаҳон”да ҳам кўрамиз.

Маърифатпарвар олим ўзига замондош, ватандош ишчиларни илм ва ҳунардан маҳрумлигини танқид қилади. Бошқа миллатлар ишчилари (илму маърифатлари орқали) кунига 4-5 сўм ишлаб топаяпти-ю, нега ўзбек ишчилари кунига уч тангага мардикорликни, бир ойга ўн беш сўмга қоровуллик қилишни, йигирма сўмга фанар ёқишни, ўн сўмга кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўришларидан ўртанади. Буни ўз келажагига ҳафсаласизлик, масъулиятсизлик, беғамлик деб баҳолайди. Сабаб – илм ва ҳунардан маҳрумликда, дейди муаллиф. Демак, бунинг маънавий сабаблари илм ва ҳунарга ўргатмаган ота-оналарнинг зиммасида.

“… ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман”

Авлоний мақола орқали ёшларни фазилатли, илм-ҳунарли қилиб тарбияласа, жамият тараққиёт сари илдам қадамлар босиши муқаррар демоқчи бўлади. Маънавий мустамлакачилик азобини бошдан кечираётган жамият аъзоларини уйғотишга ҳаракат қилади, одамларни миллат тақдирига дахлдорликка ундайди. Бироқ атрофидагиларнинг бу чорловга бефарқлиги, лоқайдлиги маърифатпарвар олимга азоб беради. Шу боис у мақолани ғалати якунлайди:

“Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман”. Бунинг эса маъноси кўп. Бу билан Авлоний атайлаб, “Мен лоқайдман” деб, беэътибор қараб турувчиларни танқид қилмоқда. Аслида бу мақола миллий озодликни, маънавиятнинг бугунги каби юксалишини орзу қилган миллат тақдирига юксак дахлдорликни ҳис этганининг намунаси эди.

Бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ

Хулоса шуки, жамиятда маънавият ва маърифат ожиз қолса, юксалиш ва тараққиёт ҳам ортга қараб кетади. Аксинча, улар юксалсагина моддий ҳаёт яхшиланади, шундагина иқтисодиёт ҳам юксалади.

Бугун ана шундай. Мамлакатни тараққий эттириш учун фақат моддий эмас, маънавий масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини замон талаб қилаяпти. Бу эса ёшларни юксак ахлоқий тарбиялашдаги ижтимоий-фалсафий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш йўлларини топиш, глобаллашув давридаги мафкуравий ва ахборот таҳдидларининг олдини олишдек улкан вазифаларни ҳал этишни тақозо қилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан такрор-такрор таъкидланмоқда.

Шундай экан, “ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман” демасдан, бугун ҳар бир ёшни у қарам бўлиши мумкин бўлган иллатлардан асраб, миллий маънавият билан суғорилган фазилатлар билан тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Чунки юз йил аввал қанотлари букилган миллат бугун қудратли янги қанотлар билан юксакликка парвоз қилмоқда.

Бундай жараёнда ислоҳотлар самараси шахс маънавиятига бориб тақалар экан, устозимиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов таъкидлаганидек, миллий характеримизга ҳам инновациялар киритишимиз тақозо этилмоқда. Илмий педагогик-психологик тадқиқотлар ўтказиб, ҳозир қайси фазилатларимиз кучли-ю, қайсилари кучсиз? Қандай иллатлардан қутилишимиз керак?, Қайси фазилатларни кучайтиришимиз керак?, деган саволларга холис, илмий жавоблар керак. Ўтмишдаги боболаримизнинг юксак маънавиятига маҳлиё бўлиб, у билан мақтаниб, ўзимизнинг бугунги маънавиятимизга бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Шундай экан, таклифимиз шуки, келгуси ўқув йилидан бошлаб етакчи олий таълим муассасаларида магистратура босқичида миллий ғоя мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Худди шунинг давоми сифатида “Миллий ғоя назарияси ва амалиёти”, “Ғоялар тарихи ва методологияси”, “Миллий ғоя тарғиботи технологиялари” ихтисосликлари бўйича докторантурани ташкил этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Ватан биздан жон, соғлиқ, маблағ сўраётгани йўқ

Фалсафа фанлари доктори, профессор Исмоил Саифназаров билан миллий ғоя хусусида суҳбатлашиб қолдим. Устоз ҳам миллий ғоя масаласи ҳақида шундай фикр билдирдилар:

– Миллий ғоямизни конкретлаштиришимиз, ҳаётга ҳамоҳанг равишда ишлаб чиқишимиз зарур. Масалан, “Менинг оилам – менинг бахтим”, “Менинг маҳаллам – менинг фахрим”, “Устозим – ҳаётим чироғи” ва ҳоказо. Бунда таълим муассасаларидаги ижтимоий фанлар ўқитувчилари ўқувчи ва талабалар билан намунали оилалар, маҳаллалар, мактабларга бориб, шу каби мавзуларда чиройли тақдимотлар қилиш лозим. Ёшларни назария билан амалиёт бирлигига ўргатишимиз зарур. Шунақа аниқ лойиҳалар билан ишласак, ижтимоий-гуманитар фанларимизнинг ҳам, ўқитувчиларнинг ҳам миллий юксалишга қўшган ҳиссаси янада кўпайган бўлар эди.

Шу суҳбатдан кейин “Халқ сўзи” газетасида катта мақола эълон қилинди. Номи “Миллий ғоя саодатга элтади”. Муаллифи – Муҳаммаджон Қуронов. Бу гал камина фикрларимни устознинг ана шу мақоласидан олинган қуйидаги сўзлар билан якунламоқчиман:

“Миллий ғоя – халқ орзуси, ниятининг ифодаси. У қотиб қолган орзу, ният эмас. У миллий ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб янгиланиб туради. 22 декабрь миллий ғоямиз ривожида ана шундай, тарихий янгиланиш куни бўлди. Президентимиз “Миллий ғоя нима учун керак?”, деган саволни ўртага ташлади. Жавобини ҳам бир ўзак жумлага жо қилиб айтди: “Ватанни севиш учун”. Бу қисқа жумлада Ватан қадар кенг, катта маъно мужассам.

…Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ватанни тиклаш, ривожлантириш учун жонини, молини, соғлиғини, оч, азобли меҳнатини берган япон, корейс, немис халқларининг бугунги ривожига ҳавас қилишади. Улар келажакка ишонч билан, ўз миллий ғояларини маҳкам тутиб, садоқатли меҳнат орқасидан бугунги фаровонликка эришганини яхши биламиз.

Бугун Ватан биздан жон, соғлиқ, маблағ сўраётгани йўқ. Ўзимиз маош олиб қилаётган вазифаларимизни ҳалол-пок, сифатли, натижали бажаришни сўраяпти. Агар шунга ҳам ярамасак, биз қандай фарзанд бўлдик Ватанга?!”

Отабек БОЗОРОВ,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
бошқарма бошлиғи.

Манба: http://edu.uz

Foydali havolalar