https://cdc.iainponorogo.ac.id/wp-content/gampang-menang/https://cdc.iainponorogo.ac.id/-/demo/https://kebonagung.pacitankab.go.id/-/gampang-menang/
Тилга ихтиёр – элга меҳр | | Karakalpak state university

Тилга ихтиёр – элга меҳр

 

«Миллатнинг ўзлигини, дунёда борлигини, ўзига хослигини

белгиловчи омиллардан асосийси унинг она тилидир».

А.Фитрат

Она – буюк зот. У юксак меҳр ва эъзозга лойиқ. Ҳар бир инсоннинг онаси битта. Халқимиз бу мўътабар зотга уйқаш тарзда Ватан, замин, тил сўзларини қўшиб айтади: «Она Ватан», «она замин», «она тилим». Бинобарин, тилимиз ҳам онадек азиз. Она тили – миллат фахри, ғурури.

 «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганлигига бу йил

30 йил тўляпти. Бу вақт давомида ўзбек тилининг жаҳон тиллари ўртасидаги обрў-эътибори ошди.

 Мустақиллик туфайли ўзимизга, ўзлигимизга қайтдик, миллий қадриятларимизни қадрлаш, минбарларда ўз тилимизда эркин сўзлаш, асосийси, тафаккуримизнинг  миллийликдан озиқланишига, гуркирашига эришдик.

Тилнинг инсон зотига Яратмиш томонидан тортиқ этилган бебаҳо неъматлигини, уни  асраб-авайлаш миллатнинг яшовчанлигини таъминловчи асос эканлигини унутмаслик керак.

Тарих саҳифаларига назар ташлар эканмиз, илдизлари дунёни лол қолдирган қадим маданиятдан сув ичган она тилимизга бўлган садоқат,  алоҳида эътибор халқ жонкуярларининг ҳамиша диққат марказларида бўлган.

Ўтган асрнинг бошларида чоп этилган миллий нашрларимизда маърифатпарвар боболаримизнинг она тилини муҳофаза қилганликларини биз жуда яхши биламиз.

 Жадидларнинг миллат тили ва таълим тилига муносабати маданиятимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга.

Ўша даврда жадидлар таълим тилини тўла-тўкис туркийлаштириш таклифини айтадилар.

20-йиллардаги кўпгина журнал ва газеталарда, чунончи «Садойи Туркистон» газетаси, «Ойна» журналида «Тил масаласи» бўлими (рубрикаси) мавжуд бўлган. Бу бўлимда тил, атамашунослик, имло муаммоларига доир мақолалар жойлаштирилган. Жадидларнинг тилга бағишланган мақолалари жуда кўп. Масалан,  Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Тил масаласи», «Сарт сўзи маълум бўлмади», Фитратнинг «Тилимиз» каби мақолалари шулар жумласидандир. Бу мақолалар, асосан, ўзбек (туркий) тилнинг асоссиз хўрланганлиги, топталганлигидан чекилган афсус ва надоматлардан иборат бўлган.

Демак, кўриниб турибдики, жадидлар она тилини муҳофаза қилиш учун жон кўйдирганлар.

Жадидлар она тилини замонавий илм-техника, иқтисод ва сиёсатдан хабардор шахсни тарбиялашда асосий қурол қилиш ғояларини илгари сурдилар.

Ҳозирги кунда ҳам она тилининг мавқеини ошириш  учун зиёлиларимиз кучларини сарфламоқдалар.

Мустақил Республикамизда  миллий тилнинг мавқеи ҳар қачонгидан ошди: ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – бошқарув ва расмий муомалаларда ўзбек тилидан фойдаланилмоқдаки, бу уни ўрганишга ҳамда ўргатишга бўлган эҳтиёж кўламини кенгайтиради. Бугун таълимнинг барча тур ва бўғинларида она  тили таълимида фарзандларимиз русча қолиплардан холи тил ва нутқ ҳодисаларини фарқлаб ўрганувчи тилшунослик ютуқларига таянган, миллий грамматикамизга таянган, тил имкониятларини ўрганишмоқда. Тафаккур ривожланса-тил ривожланади, нутқ равонлигига ва мантиғига эришилади. Тилшунослик тилимиз ва ўзбек тили бирликларининг тизимий имкониятларини очиб беради, она тили таълими шу имкониятлардан самарали  фойдаланиб, айни бир ахборотни юзлаб  усулу воситалар билан  ифодалаш  йўлларини, улардан аниқ бир шароитда қай бири энг қулай ва таъсирчан эканлигини тўғри аниқлай олиш ва қўллашни ўргатади.

Она тилимизнинг софлигини сақлаш, талаффуз меъёрларидаги чалкашликларга барҳам бериш ва она тили таълими борасида бажаришимиз зарур бўлган ишлар, эгаллашимиз зарур  бўлган  билим, малака, кўникмалар ҳам анчагина. Она тилимизга эътибор учун ҳар биримиз масъулмиз, унинг таълими замирида ҳам шу масъулиятни кучайтириш вазифаси туради.

Бугун ўзбек тилининг  давлат тили мақомини янада кучайтиришни ўйлашимиз, бу йўлда собитқадамлик билан амалий ишлар қилишимиз лозим.

Зеро, она тили – бу миллатнинг руҳидир!

Н.Янгибаева,

Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси  ўқитувчиси, PhD

Foydali havolalar