https://cdc.iainponorogo.ac.id/wp-content/gampang-menang/https://cdc.iainponorogo.ac.id/-/demo/https://kebonagung.pacitankab.go.id/-/gampang-menang/
#ДЕПУТАТ_ФИКРИ ЕОИИ: илм-фан, технология, инновация йўналишларида ҳамкорлик | | Karakalpak state university

#ДЕПУТАТ_ФИКРИ ЕОИИ: илм-фан, технология, инновация йўналишларида ҳамкорлик

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) – халқаро иқтисодий тузилмадир. Унинг мақсади мувофиқлаштирилган иқтисодий сиёсат юритиш, шунингдек маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатланиши учун эркин ҳудуд барпо этишдан иборат. Ҳозирги кунда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон иттифоққа аъзо ҳисобланади. Бу давлатларнинг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1,9 триллион АҚШ долларига тенг. Кўриниб турибдики, ЕОИИ – ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва у билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистонга улкан имкониятларни яратиб беради.

Ўзбекистоннинг юқори илмий сиғимкорликка эга бўлган маҳсулотлари билан ушбу мамлакатларга кириб бориши долзарб масала ҳисобланади. Фикримизча, республикамизда қўшимча илмий сиғимкорликка эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқара олишини ривожлантириш 186 миллион аҳолига эга бўлган бозорда ўз ўрнини мус­таҳкамлашга шарт-шароит яратган бўлар эди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларининг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади. Тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажмлари янада ошди. 

ЕОИИга аъзо бўлган давлатларда келажак иқтисодиётини шакллантириш, доимий технологик янгиланишни таъминлаш, саноатнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш мақсадида янги евроосиё технологик платформаси (ЕТП) яратилди.

ЕТП бу манфаатдор томонларнинг илмий-техник, инновацион ва саноат соҳаларидаги кооперацияси механизми бўлиб, ЕОИИ га аъзо давлатларда етакчи бизнес ташкилотлари (тармоқли саноат корхоналари, давлат компаниялари), илм-фан (илмий-тадқиқот институтлари, университетлар, бошқа таълим муассасалари), давлатлар (ривожлантириш институтлари, ихтисослаштирилган давлат органлари), ижтимоий ташкилотлари ( тармоқли уюшма ва бирлашмалар) орасида ҳамкорлик ўрнатиш учун шароитлар яратиш йўли орқали шакллантирилади.

ЕТПнинг вазифаси илмий ва технологик ривожланишнинг илғор миллий ва жаҳон ютуқларини тўплаш бўйича тизимли ишларни таьминлаш, ЕОИИга аъзо давлатларнинг илмий салоҳиятини инновацион технологияларни ривожлантиришда амалий муаммоларни ҳал қилиш учун сафарбар этиш, шунингдек уларни саноат ишлаб чиқаришга татбиқ этишдан иборат.

Илм-фан, технология, инновация соҳаларидаги бундай ҳамкорликлар интеграцияни яна ҳам юқори кўрсаткичдаги даражага олиб чиқишга имкониятлар беради.

ЕОИИ аъзо давлатларда трансчегаравий ишонч майдонларини шакллантириш ва рақамли иқтисодиётга ўтиш, биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, технологияларни трансфер қилиш имкониятлари катта бўлади. Тадқиқотларнинг жадаллашиши, инновацияларни рағбатлантириш, илмий-техник тадқиқотлар соҳасида (ИТT) иш билан банд бўлганлар сонининг кўпайиши ЕОИИ барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий йўналишларидан бири бўлиши керак. Бунинг учун ЕОИИга аъзо давлатларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, қонунчилик даражасида ишлаб чиқарилган умумий принциплар ва мақсадли кўрсатмаларни ишлаб чиқиш зарур. Бироқ, ҳозирги кунга қадар ЕОИИ иштирок этаётган мамлакатларнинг илмий-техник тадқиқотлар соҳасидаги ягона стратегиясини белгилайдиган ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқмаган. Амалиётда интеграция фаолияти миллий қонунчиликнинг умумий қоидалари ҳисобига олинган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, Евроосиё илмий-технологик интеграцияси ҳозирча секин ва қисмли ривожланаётганлигини кўрсатмоқда. ЕОИИ да нафақат илм-фан, технология, инновацияга бевосита жавоб берадиган, балки миллий иқтисодиётни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашга жавоб берадиган тузилмалар ҳам мавжуд эмас. Иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича жамғармани ташкил этиш энди режалаштирилмоқда. Давлатлараро ҳамкорлик мақсадлари учун ЕОИИ ҳудудида жойлашган инновацион ва илмий-тадқиқот инфратузилмаси обьектларини инвентаризация қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари ҳозирча асосан экспертлар даражасида муҳокама қилинмоқда

Шунга қарамай, ИТТ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқ Евроосиё технологик платформаларининг ишга туширилиши бўлиб, улар «илғор миллий ва жаҳон ютуқларини илмий ва технологик ривожланишда тўплаш, аъзо давлатларнинг илмий потенциалини инновацион ривожланишдаги амалий муаммоларни ечишга сафарбар этиш» бўйича кенг қамровли тадбирларни амалга ошириши керак, махсулотлар ва технологиялар, шунингдек уларни саноат ишлаб чиқаришда жорий этиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси ушбу тизимга қўшилган холда вужудга келиши мумкин бўлган бир қатор салбий натижаларнинг пайдо бўлиш ҳавфи бор.

Авваламбор, Ўзбекистон учун ушбу ўрин олиши мавжуд бўлган салбий оқибатларнинг чуқур таҳлили зарур ва ушбу оқибатларнинг стратегик устивор манфатларга нақадар тўғри келишини башоратлаш зарур.

Шунингдек ушбу тизимнинг бугунги кунгача Устави (Хартияси) ишлаб чиқилмаган. Ваҳоланки, бу Устав ЕОИИга таллуқли барча худудларда Олий юридик мақомга эга бўлган бўлар эди. Ушбу Хартия ишлаб чиқилган ҳолда, барча фаолият йўналишларда алоҳида қоидалар мажмуасини ўз ичига олиб энг асосий илмий фаолиятида тартибга солиши мумкин эди.

Яна бир муаммо ушбу тизимга Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган ҳолатда ресурслар юқори миқдорда давлатимиздан чиқиб кетиш ҳавфи.

Ҳозирги вазиятни ва юқорида саналган омилларни инобатга олиб, ЕОИИда Ўзбекистон Республикаси кузатувчи мақомида қолгани мақсадга мувофиқдир. Яқин истиқболда иқтисодиётимиз соҳа ва тармоқларидаги ижобий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш ҳамда шундан кейин Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини қайта муҳокама қилиш зарур. 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзолари.

Foydali havolalar